Наманганда туризм лойиҳалари ва мавжуд муаммолар жойида ўрганилди

Чуст туманидаги Резаксой сув омбори соҳилбўйи ҳудуди ҳамда Поп тумани «Имом-ота» МФЙда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган мастер-режалар кўриб чиқилди. Ер майдонларининг амалдаги ҳолати ва лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари билан танишилди.

Наманганда туризм лойиҳалари ва мавжуд муаммолар жойида ўрганилди

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Х. Ахунбабаев бошчилигидаги масъуллар Наманган туристик-рекреацион ҳудудларини ривожлантириш дирекцияси тасарруфидаги ер майдонларида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ҳолатини жойига чиққан ҳолда ўрганди.

Ўрганиш давомида Чуст туманидаги Резаксой сув омбори соҳилбўйи ҳудуди ҳамда Поп тумани «Имом-ота» МФЙда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган мастер-режалар кўриб чиқилди. Ер майдонларининг амалдаги ҳолати ва лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари билан танишилди.

Резаксой мастер-режасида 51,8 гектар, 10 та инвестиция лоти доирасида меҳмонхоналар, коттежлар, соғломлаштириш ва дам олиш объектларини ташкил этиш назарда тутилган. Лойиҳа сув омбори атрофида сайёҳлар учун қулай дам олиш муҳитини яратиш ҳамда туризм хизматлари турини кенгайтиришга қаратилган.

Поп тумани «Имом-ота» МФЙдаги 50 гектар ер майдони учун тайёрланётган мастер-режада эса меҳмонхона ва меҳмон уйлари, санаторий, спорт ва кўнгилочар масканлар, кемпинг ҳудудлари ҳамда сайр йўлакларини барпо этиш кўзда тутилган.

Жойлардаги муҳокамаларда лойиҳаларни амалга ошириш жараёнидаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди. Ҳудудларнинг табиий имкониятларидан самарали фойдаланиш ва режалаштирилган объектларни маҳаллий шароитга мос равишда жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.